Хитойда ўзбекистонлик олимлар ҳамкорлигида яратилган вакцинадан фавқулодда фойдаланилади

Мазкур вакцина Хитой Халқ Республикасида тезкор фойдаланиш учун рухсат берилган коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган тўртинчи вакцина ҳисобланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар - Sputnik. Ўзбекистонлик олимлар ҳамкорлигида яратилган вакцинадан Хитойда фавқулодда фойдаланишга рухсат берилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
"Хитой фанлар Академияси Микробиология институти ва Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан яратилган ҳамда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги (СНО ҳужайрали) рекомбинант вакцинаси Хитойда фавқулодда фойдаланишга рухсат берилди", - дейилади хабарда.
Ўзбекистонда Хитой вакцинаси давлат рўйхатидан ўтказилди
Мазкур вакцина Хитой Халқ Республикасида тезкор фойдаланиш учун рухсат берилган коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган тўртинчи вакцина ҳисобланади. Вакцина устидаги тадқиқотлар 2020 йилнинг бошида бошланган бўлиб, илмий натижалари халқаро “Cell” журналида чоп этилди. 2020 йилнинг октябрида вакцинанинг I ва II фаза синовлари якунланди.
Натижаларда вакцинациянинг бутун курси давомида енгил реакциядан ортиқ жиддий ножўя таъсирлар юзага келмагани қайд этилди, шунингдек, вакцинани қабул қилишда самардорликни баҳоловчи хусусиятлардан бири бўлган қонда нейтралловчи антитаначаларнинг ҳосил бўлиши белгиланган талабларга тўғри келиши аниқланди.
Ўзбекистонда аҳолини COVID-19га қарши эмлаш учун нималар қилинмоқда – видео
2020 йилнинг ноябрь ойидан Хитой, Ўзбекистон, Покистон, Эквадор ва Индонезияда вакцинанинг III фаза клиник синовлари бошланди. Мазкур III фаза клиник тадқиқотлари муваффақиятли ўтди, тадқиқотларни биринчилардан бошлаган Ўзбекистонда ҳам вакцинанинг жиддий ножўя таъсирлари аниқланмади.
Мазкур вакцина бўйича тадқиқот ишларида фаол иштироки учун хитойлик ҳамкорлар томонидан Ўзбекистон ҳаммуаллиф сифатида тан олинди. Вакцина Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 номи билан рўйхатдан ўтди. Вакцина сақлаш ва транспортировкаси жараёнлари камҳаржлиги билан ажралиб туради.