ТОШКЕНТ, 20 мар – Sputnik. 2021-йилнинг 18-март куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан учрашди.
Афғонистон Ташқи ишлар вазири афғон можорасини сиёсий жиҳатдан бартараф этиш, мамлакатдаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линияси ҳамда “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилишидаги Ўзбекистоннинг муҳим ролини алоҳида таъкидлади.
Афғонистон раҳбарияти мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ҳамда минтақавий боғлиқликни янада ривожлантиришга кўмаклашувчи ушбу лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратаётгани қайд этилди.
Мулоқот давомида ўзбек-афғон ҳамкорлигининг бошқа соҳалардаги устувор йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашилди.