ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. “UzAuto” Ҳиндистоннинг “Quantum Business Advisory” компания билан биргаликда Тошкент шаҳрида IT-компаниясини ташкил этади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилмоқда.
“QBA IT” IT-компаниясининг асосий фаолияти ўзбек компанияларининг рақамли трансформациядаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан SAP, Microsoft, Oracle ва бошқа шу каби платформалар асосида IT-ечимларни татбиқ этиш ва интеграциялашдан иборат бўлади.
Шунингдек, компания томонидан IT-дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва хизматларни тақдим этиш бўйича, хусусан: дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот технологиялари соҳасида маслаҳат хизматлари, компютер ускуналарини бошқариш, ўқитиш ва бошқа хизматлар кўрсатади.
Таъкидланишича, “QBA IT” IT-компаниясини ташкил этилиши “Uzauto” мамлакатдаги Саноат 4.0. ишлаб чиқариш ечими асосида ахборот технологиялари кўникмаларини ва ишлаб чиқаришни интелектуал бошқариш ривожига ҳисса қўшишга имконият яратади.