ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Фарғона вилоят судида 22 нафар “Сўх воқеаси” иштирокчиларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу жиноят иши юзасидан суднинг 2021 йил 18 мартдаги ҳукмига кўра, барча судланувчилар Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.
“Сўх воқеаси”нинг икки нафар иштирокчисига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қолганларига 5, 4 ва 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазолари тайинланган. Суд уларга жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган.
Жиноят оқибатида Фарғона вилоят ИИБ фойдасига етказилган 9 млн 996 минг 341 сўм моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият юзага келган эди.