Шахсга доир маълумотларни ноқонуний тарқатганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Интернетда шахсга доир маълумотлардан унинг розилигисиз фойдаланиш, тарқатиш ҳолатлари кўпайган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжатда ёзилишича, бугунги кунга келиб оммавий коммуникацияларнинг ривожланиши билан ижтимоий тармоқ ва Интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлар унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида шахсга доир маълумотлардан (фотосуратлар, исм-шариф, лавозим ва ҳоказо) унинг розилигисиз фойдаланиш, тарқатиш ҳолатлари ҳам кўпайган. Кўпчилик Интернет фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига оид маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўриб қолмоқда.
Лойиҳада қайд этилишича,
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1412-модда:
Шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор этиш, тарқатиш, эгасизлантириш, ўзгартириш, ишлаб бериш, қонун билан белгиланган мулкдор ва оператор томонидан шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўрмаслик, шахсга доир маълумотлар ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ваколатли давлат органини хабардор этмаслик, башарти ушбу ҳаракатлар, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
(биринчи қисм санкцияси) базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
(иккинчи қисм санкция) базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Оммавий тартибсизликка даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 462-модда:
Шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор этиш, тарқатиш, эгасизлантириш, ўзгартириш, ишлаб бериш, қонун билан белгиланган мулкдор ва оператор томонидан шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарур ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўрмаслик, шахсга доир маълумотлар ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ваколатли давлат органини хабардор этмаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологиялари ва (ёки) Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда ушбу маълумотларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида мазкур маълумотларнинг йиғилиши, тизимлаштирилиши ва сақланишига оид талабларни бажармаслик, —
мулкдор ва (оператор)нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фаолияти чекланган ҳолда уларнинг Ўзбекистондаги ваколатларини амалга оширишга масъул бўлган мансабдор шахс(лар)и ҳамда Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган мулкдор ва (ёки) операторнинг мансабдор шахс (лар)ига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 70 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.