ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари - Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Россиянинг “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонга олиб келиш жараёни ҳақида маълумот берди.
Юсупалиевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда бир миллион дозага контракт ишлаб чиқилган, ҳозирги кунда Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси билан музокаралар олиб борилмоқда ва улар томонга берилган.
"У томон кўриш чиқмоқда. Унинг натижаси бўйича шартномага қўл қўйилади ва “Спутник V” вакцинасини ҳам олиб келиш кўзда тутилган. Ҳозир асосий масала “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонга олиб келиш жараёни. Вакцинани Ўзбекистонга олиб келиш режаси, дейлик қайси муддатда ва қанча миқдорда - шу атрофда музокаралар олиб борилмоқда. Чунки биз аҳолимиз “тезроқ олиб келинсин, тезроқ эмлашни бошласин” деган ниятда юрибмиз”
Унинг сўзларига кўра, ўз навбатида вакцинани ишлаб чиқариш ҳажмлари айнан РФ ва бошқа давлатларда етарли эмас. Шунинг учун ҳам бу режа-график муҳокама қилиняпти.
“Биз томон тезроқ олиб келиш, кўп миқдорда олиб келиш, нариги томон сал бу масалада кечроқ муддатларни беряпти. Шунинг учун бу масалада ҳозир музокаралар олиб боряпмиз”, - деб таъкидлади Юсупалиев.