ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде бойлар ва камбағаллар бошқа-бошқа вакцина оляпти деган маълумотлар ёлғон эканини маълум қилди. Бу ҳақда у АОКАда бўлиб ўтаётган брифингда маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Унинг сўзларига кўра, шу кунгача жаҳон миқёсда 28 миллион доза вакцина тарқатилган. Уларнинг аксарияти Корея ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган.
Глобал дастур доирасида 190 та мамлакат қамраб олинган. Ушбу 190 давлат ичидан 98 таси ўзлари буюртма бериб олмоқда. Бойлар бошқа вакцина, камбағаллар эса бошқа вакцина оляпти деган маълумотлар ёлғон.
Мамедзаде ёлғон хабар ҳеч нарсага ёрдам бермаслиги ва эмлаш кўп сонли аҳолининг ҳаётини сақлаб қолишини таъкидлади. Ёлғон хабар эса инқирозли ҳолатни давом эттиради.
Ўзбекистон бугун CОVAХ дастури орқали етказиб берилган 660 минг доза “AstraZeneca” вакцинасини олди.
660 минг дозани етказиб бериш CОVAХ дастури бўйича Ўзбекистонга ажратилган 2 миллион 256 минг дозадан иборат биринчи юк ҳисобланади. Қолган вакциналар яқин ойларда етказиб берилади.