Тошкентда коронавирус туфайли айрим мактаблар яна ёпилмоқда

ХТВ ота-оналардан фарзандларининг соғлигини таъминлаш ва "Онлайн мактаб" лойиҳаси доирасида эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришда амалий ёрдам беришларини сўради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 мар - Sputnik. Коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳридаги айрим мактабларда ўқиш масофавий шаклга ўтказилмоқда. Халқ таълими вазирлиги хабарига асосан.
Ҳудудлар раҳбариятининг коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган чораларни жорий этиш бўйича ваколатини инобатга олиб коронавируснинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрининг айрим мактабларида ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда, - дейилган хабарда.
Масофавий шаклга ўтадиган мактаблар тўғрисидаги маълумотлар мактаб раҳбарияти томонидан ота-оналарга синф раҳбарлари томонидан етказиб борилади.
Тошкентда карантин талабларига риоя қилиниши қатъий назоратга олинади
Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини уйдаги ҳавфсизлиги ва соғлигини таъминлаган ҳолда уларни "Онлайн мактаб" лойиҳаси доирасида эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришларида амалий ёрдам беришларини сўрайди.
Эслатиб ўтамиз, кеча 15 март куни Тошкент шаҳар ҳокими ва шаҳар коронавирус штаби раҳбари иштирокида ўтган йиғилишда, пойтахтда коронавирус тарқалиши бўйича вазиятни қаттиқ назоратга олиш, шаҳарнинг барча туманлари, маҳаллалари, иш жойлари ва таълим масканлари, шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари, жамоат транспортларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланган эди.