ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ пойтахт аҳолисига мурожаат қилиб, карантин талабларига риоя қилиш зарурлигини эслатди.
“Шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқобда бўлишлари, шунингдек, белгиланган карантин талаблари ва санитария меъёрларига қатъий амал қилишлари талаб этилади”, - дейилган хабарда.
Жамоат транспортида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан доимий равишда кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев масъулларга шаҳарда аҳолининг карантин талабларига тўлиқ риоя этишини назоратга олиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида коронавирус билан касалланиш кўпаётгани кузатилмоқда. 14 март куни Ўзбекистон бўйлаб 111 та янги ҳолат аниқланган, шундан 93 таси пойтахтга тўғри келмоқда.