ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Тошкентда карантин талабларига риоя қилинишии қатъий назоратга олинади. Бу ҳақда Тошкент шаҳрига коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича махсус йиғилишда маълум қилинди.
Тошкент шаҳар штаби раҳбари, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида ўтган йиғилишда ҳоким ўринбосарлари, шаҳар сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари ва бошқармалар раҳбарларидан иборат штаб аъзолари қатнашди.
Йиғилишда сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари ортаётганлиги юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ахбороти тингланди.
Шунингдек, мавжуд вазиятни назоратга олиш, шаҳарнинг барча туманлари, маҳаллалари, иш жойлари ва таълим масканлари, шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари, жамоат транспортларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Пойтахт ҳудудида коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш ҳамда амалдаги карантин талаблари ва санитар-гигиена тартиб қоидаларига аҳоли томонидан тўлиқ риоя этилишини назоратга олиш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.