ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ташқи ишлар вазирлиги 2017 йил 18 январдаги Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига қўшимча киритишни назарда тутувчи Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасини тайёрлади.
Қарор лойиҳасига Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-666-сонли Қонунининг 15-моддаси билан “Парламент назорати тўғрида”ги Қонуннинг 10-3-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Регламенти тўғрисида”ги Қонуннинг 32-9 моддаси сифатида “Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш” ҳақида тўлдирилган нормалар асос қилиб олинди.
Лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари тўғрисидаги Низомнинг 16-банди қуйидаги таҳрирдаги ўн тўртинчи янги хатбоши билан тўлдириш таклиф этилмоқда: “ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати мажлисида ҳисобот берадилар”.