Сўнгги кунларда Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланиш кўпаймоқда: Тошкент мутлақ етакчи

Сўнгги икки-уч куни давомида Ўзбекистонда коронавирус билан кассалланаётганлар сони яна кўпаётгани кузатилмоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Кеча, 13 март куни Ўзбекистонда яна 86 кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилмоқда.
Янги касалланганларнинг 3 нафари Андижон вилоятида, 1 нафари Жиззах вилоятида, 1 нафари Сурхондарё вилоятида, 4 нафари Тошкент вилоятида, 77 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Шу тариқа мамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 80 567 нафарга етган. Жами 79 242 бемор тузалиб кетган ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил қилмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 703 нафар бемордан 141 нафари оғир, 23 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Қайд этиш жоизки, сўнгги икки-уч кун давомида Ўзбекистонда коронавирус билан касалланаётганлар сони яна кўпаётгани кузатилмоқда. 12 март куни 89 кишида, 11 март куни 45 кишида, 10 март куни эса 79 кишида коронавирус аниқланган. Бунга қадар мамлакатда аниқланаётган касалланиш ҳолатлари пастлигича (9 март 21 киши, 8 март 28 киши) қолаётган эди.