ТОШКЕНТ, 12 мар - Sputnik. Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида 22та ҳужжам имзоланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.
"Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Қўшма баёнот қабул қилдилар. Шунингдек, икки мамлакат вазирликлари ва ҳудудлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатлар билан алмашдилар. Умуман, ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди", - дейилади хабарда.
Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон-Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан.
Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича “йўл хариталари” тасдиқланган.
Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳамда божхона иши, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ўсимликлар карантини, таълим, фан ва маданият соҳалари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланган.