ТОШКЕНТ, 11 мар – Sputnik. 2021 йилнинг 1 сентябридан автомобилларни техник кўрикдан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилади.
Бу ҳақида 9 март куни қабул қилинган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида айтиб ўтилган.
Қарорда айтилишига кўра, 1 сентябрдан транспорт воситасини техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонлар бериш амалиёти бекор қилинади. Ушбу тартиб фақат хорижий давлатларга чиқаётган автомобиллар учун сақлаб қолинади.
Иккинчидан, транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказиш учун қуйидаги даврийлик белгиланади:
тижорат асосида йўловчилар ташувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспортлар ва уларнинг тиркамалари – бир йилда икки марта;
ишлаб чиқарилганига 6 йилдан кўп бўлмаган транспортлар – икки йилда бир марта;
ишлаб чиқарилганига 6 йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспортлар – бир йилда бир марта;
тиркамалар техник кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда;
навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида.
Янги транспорт воситалари ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказишда техник кўрикдан ўтказилмайди.
Ундан ташқари, Ҳукумат қарорида айтилишига кўра, бундан буён транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳаракатланувчи мобиль техник назорат линияларидан фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Ушбу мобил техник назорат линиялари хусусий тадбиркорларга тегиши бўлиши мумкин. Улар учун 2021 йил 1 июлга қадар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Техник кўрик” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти яратилади.