ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик йиғимлари тарифига қўшимча киритиш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасини тайёрлади.
Фармон лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига хорижий мамлакатлардан ўқишга келадиган чет эл фуқароларидан бир йиллик кўп марталик виза учун ундириладиган консуллик йиғими миқдорини 30% га (175 АҚШ доллари) камайтириш назарда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, фармон лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида жойлашган олий таълим муассасаларида таълим олиш учун келиш истагида бўлган чет эл фуқаролари оқимининг ошишига кўмаклашади.
ТИВга кўра, хорижий давлатларда кўп марталик бир йиллик кириш визасини расмийлаштириш учун РФ (240$), Қозоғистон (200$), АҚШ (160 $), Туркия (150 $), Хитой (90 $) консуллик йиғимлари белгиланган.