ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Жорий йилда Германия инвесторлари билан биргаликда умумий қиймати 1 млрд долларга тенг бўлган 24 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда видеоконференция шаклида бўлиб ўтган Ўзбекистон - Германия давра суҳбати чоғида маълум қилинди. Давра суҳбати Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси кўмагида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган.
Лойиҳалар автомобилсозлик, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоғида, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда амалга оширилади.
Тадбирда Германиянинг етакчи компаниялари, жумладан, “MAN Truck&BUS”, “Deutsche Lufthansa”, “Siemens”, “John Deere”, “Roland Berger”, “Knauf” ва бошқа йирик саноат ишлаб чиқарувчилари, тижорат банклари ва бизнес ташкилотларининг 100 дан ортиқ раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда республиканинг бир қатор вилоятлари маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон – Германия инвестициявий ҳамкорлигининг жорий ҳолати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика саноати каби иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Германия бизнесининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқишининг ортиб бориши республика иқтисодиётига 2020 йилда Германия инвестицияларининг 2019 йилга нисбатан 25% ўсишида акс этганлиги таъкидланди.
Тадбир якунида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган ёки Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётган Германия тадбиркорлари билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мувофиқлаштируви остида масъул вазирликлар ва идораларни жалб қилган ҳолда ҳар бир инвестор ва тадбиркор билан манзилли ишлашни назарда тутадиган ҳамкорликнинг барқарор механизмини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.