ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон президенти Садир Жапаров жорий йилнинг 11-12 март кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, бўлажак олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларининг барча йўналишларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Икки мамлакат етакчилари учрашувининг кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм борасидаги қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган.
Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг турли йўналишларига алоқадор қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ташриф дастурига мувофиқ Садир Жапаров Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатаси раҳбарлари ва бош вазири билан ҳам учрашувлар ўтказади, мамлакат саноат корхоналари фаолияти билан танишади.