ТОШКЕНТ, 9 мар ― Sputnik. Фақатгина бешта мамлакат туристлар учун тўлиқ очилган, шу билан бирга ҳар учинчи давлат сайёҳлар дам олиши учун ёпиқдир, дейилади Бутунжаҳон туристик ташкилоти баёнотида.
Ташкилот маълумотларига кўра, феврал ойида дунёнинг 217 мамлакатидан туристлар учун 69таси ёпиқ бўлган, яъни - 32 %и, бу давлатларнинг тенг ярмида чегаралар 10 ой давомида ёпиқ бўлган. Яна 73 давлатнинг чегараси (34%) қисман ёпилган. 70та мамлакат (32%) коронавирусга қилинган тест натижаларини тақдим этишни ёки давлатга кириб келгач мажбурий карантин чораларига амал қилишни талаб этади.
Маълум бўлишича, фақатгина бешта мамлакат (2%) туризм учун тўлиқ очиқ - у ерда ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Бу рўйхатга Албания, Доминикан Республикаси, Коста-Рика, Шимолий Македония ва Танзания киритилган.
Бутунжаҳон туристик ташкилоти маълумотларига кўра, аксарият мамлакатларда туризм билан шуғулланувчи компаниялар улкан зарар кўрмоқдалар, нега деганда ўтган йилда коронавирус пандемияси туфайли халқаро турсайёҳатлар сони 74%га камайган. Бу 2019 йил билан таққослаганда минус миллиард сайёҳатлардир. Ҳозирда туризм соҳасида 100 миллиондан 120 миллионгача иш ўринлари ёпилиш хавфи остида қолган.