Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари яна бир халқаро мусобақада тенгсизликни намоён этишди

Покистонда ўтказилган халқаро мусобақада Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилишди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Покистонда ўтказилган “4-Покистон армиясининг жамоавий руҳи халқаро мусобақаси”да (4-th International PATS Competition) Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Мусобақа 2021 йилнинг 24 февраль кунидан 3 март кунига қадар 5 та давлат ўртасида ўтказилган. Уни Қозоғистон, Ҳиндистон, Марокко, Индонезия, Тожикистон давлатлари вакиллари кузатиб боришди.
Ушбу мусобақага Шри-Ланка, Туркия, Иордания ва халқаро майдонда кучли саналган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкачилари ҳам таклиф этилган.
Ўзбек ҳарбий разведкачилари Покистоннинг иссиқ ва қийин шароитларида ўз куч-қудратини намоён этиш мақсадида ўтган йиллар мобайнида ўтказилган армия ўйинлари натижалари, улардаги ютуқ ва камчиликлардан олинган юқори тажрибаларига таянишган. Алоқа тайёргарлиги, ҳарбий топография, отиш ва тиббий тайёргарлик, махсус сигналлар бериш ва оптик воситаларни қўллаш, нотаниш ҳудудларни рекогносцировка қилиш бўйича назорат машғулотларини аъло бажаришган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари Буюк Британияда ўтказилган “Кембриж патрули” мусобақасида 120 та давлат ичида 2018 йилда иккинчи ва 2019 йилда биринчи, Қозоғистонда ҳарбий разведкачилар ўртасида ўтказилган “Алтын уки” халқаро мусобақасида мезбон жамоадан кейинги фахрли иккинчи, 2020 йилда эса Россияда ўтказилган Халқаро армия ўйинларида мезбон жамоадан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб, ўзининг ҳар томонлама устунлигини кўрсатиб келишган.