ТОШКЕНТ, 3 мар - Sputnik. Касаба уюшмалари Федерацияси "Аёллар дафтари"га кирган хотин-қизлар учун бепул саёҳатлар ташкил этмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова хабар қилди.
Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республиканинг турли ҳудудларида яшовчи, "Аёллар дафтари"га кирган аёллар учун Хоразм вилоятидаги тарихий обидалар бўйлаб бепул саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари таркибида "Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси" фаолияти йўлга қўйилиб, "Аёллар дафтари"ни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни кунда республиканинг барча ҳудудларида мазкур дафтарга киритилган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, "Аёллар дафтари"га 30 ёшдан ошган 9 тоифадаги, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар, шунингдек, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам ва психологик маслаҳатга муҳтож эҳтиёжманд аёллар аниқланиб, уларга жойида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича эса "Йўл хариталари" тузилиб, кўплаб масалаларга ечим топилмоқда.