ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев “Бунёдкор” футбол клуби президенти этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
1 март куни бўлиб ўтган “Бунёдкор” футбол клубининг Кузатув кенгаши йиғилишида клуб моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш ва бошқа бир қатор ташкилий масалалар муҳокама қилинган. Бундан ташқари, клубга янги президент тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев расман “Бунёдкор” футбол клуби президенти этиб тайинланди”, - дейилган хабарда.
"Ўзбекнефтгаз" эндиликда жамоанинг бош ҳомийси бўлади. Илгари "Ўзтрансгаз" бўлган.
Меҳриддин Абдуллаев 1969 йил Бухоро вилояти Жондор туманида туғилган. Мутахассислиги – иқтисодчи, ҳуқуқшунос. У 2020 йил январидан "Ўзбекнефтгаз"га раҳбарлик қилиб келмоқда. Шунингдек, у Ўзбекистон Молия вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон миллий банки ва Ўзбекистон Ҳисоб палатасида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.