ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон меҳнат миграциясидаги ўзаро ҳамкорликни эпидемиологик чекловлар енгиллашишига қараб тиклайди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Камилов билан музокаралар якунига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Россияда амалий ташриф билан бўлиб турибди.
“Биз меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлигимизнинг эпидемиологик чекловлар енгиллашишига қараб тикланиши ва аввалги ҳажмига эришилиши ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Бу борада тегишли хизматлар хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга имкон берувчи аниқ келишувлар бор”, - деди Лавров.
У яқинда Россияда фуқаролари меҳнат қилаётган барча мамлакатлар учун ягона алгоритм қабул қилингани эслатиб ўтди. Россиялик вазирнинг сўзларига кўра, ушбу алгоритм “тегишли компания томонидан ариза, иш берувчининг аризасини” назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус сабаб Россиянинг кўплаб иш берувчи корхоналари вакиллари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида бўлиб, фуқаролар билан суҳбат ўтказмоқда. Суҳбатлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда турли Россиядаги қурилиш объектларида ишлашга жўнаб кетмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Россияга 3209 нафар фуқаро вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юборилган.