“Заковат” клубининг илк кастинги қандай ўтди

Humo Arena саройида “Заковат” интеллектуал клуби аъзолигига Тошкент вилояти ва шаҳридан ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. 28 феврал куни Humo Arena саройида “Заковат” интеллектуал клуби аъзолигига Тошкент вилояти ва шаҳридан ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди.
“Заковат” интеллектуал клубига аъзо бўлиш учун ариза берганлар сони 13 мингдан ошган. Уларнинг 11 111 нафари якка тартибда ариза топширганлар бўлса, 1 932 киши 322 та жамоага бирлашган ҳолда рўйхатдан ўтган. Тошкент вилояти ва шаҳрида кастинг учун ҳам минглаб ёшлар йиғилди.
Кастинг бошланишида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ҳам сўзга чиқиб, ёшларга омад тилади.
“Мен клубимизнинг ҳар бир аъзосини оламга кенг қарашга, улкан мақсадлар қўйиб, улар сари интилишга, ўз устида ишлашга, орзуларини чекламасликка, ҳеч қачон таслим бўлмасликка ва ҳеч кимга, илм йўлидаги шаҳдингизни сўндирмоқчи бўлган ҳеч кимга қулоқ солмасликка чақираман”,- деди Комил Алламжонов.
Фонд раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқиб, клубга аъзо бўлган хотин-қизларни табриклади, уларни фаол бўлишга чақирди.
“Хотин-қизларимиз қанчалик фаол, илм-фан, маданият ва тадбиркорликка, сиёсий жараёнларга қанча кўп ҳисса қўшадиган бўлса, юртимизда бахтли ва ҳаётидан мамнун аёллар шунча кўп бўлади. Аминманки, хонадонида намунали бека, пазанда опа-сингилларимиз ўзларини илм майдонида ҳам бемалол намоён қила оладилар”, - деди Саида Мирзиёева ўз нутқида.
“Заковат” турнирлари учун 1 млрд 690 млн сўм ажратилган. Тошкент шаҳри ва вилояти ўйинлари учун ажратилган ютуқ фонди эса 130 миллион сўм. Ажратилган маблағ брейн-ринг танловлари ташкил этилиб, унда ғолиб бўлган жамоаларга тақдим этилади.