Президент Тошкент вилоятида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида улкан боғ ва Олимпия шаҳарчаси қуриш режалаштирилмоқда. У ерда 2025 йилда ёшлар ўртаидаги Осиё ўйинлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 феврал куни Тошкент вилоятида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Ана шундай лойиҳалардан бири - Тошкент вилоятининг Қибрай туманида,  “Тошкент-Шарқий” аэродроми яқинида 155 гектарлик боғ барпо этиш лойиҳаси бўлди.
Уни ишлаб чиқишда дунё мегаполисларидаги машҳур паркларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилган. Бу боғ фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Бу пойтахтимиз экологиясига катта таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган “яшил ҳудуд” бўлади, - дейилган хабарда.
Мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилмоқда. Маълумки, Осиё Олимпия кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 та мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.
Айтиш жоизки, бундай нуфузли халқаро мусобақа Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба ўтказилади. Давлатимиз раҳбари бу мамлакатимизга кўрсатилган катта ишонч эканини, ушбу мусобақага ҳозирдан бошлаб пухта тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлаган эди.
Шу мақсадда 160 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Чирчиқ дарёсининг 5 километрдан зиёд қисмида қирғоқларни тартибга келтириб, эшкак эшиш бўйича мусобақалар учун зарур шароит яратиш мўлжалланган. Унинг бўйларида эса 270 гектарлик парк этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Қибрай туманининг ушбу ҳудудида 2 та университет, шифохона, экспо, савдо ва кўнгилочар марказ бинолари жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.
Президент лойиҳаларни сифат ва қулайлик жиҳатидан такомиллаштириш, иншоотларни қуришда жаҳондаги энг илғор тажрибаларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берди.