Ўзбекистон ва ЕОИИ

Мясникович ЕОИИдаги Ўзбекистон вакилига муваффақиятлар тилади

Бугун Шуҳрат Шукуровни Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъат раиси Михаил Мясниковичга таништирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов республиканинг ЕОИИдаги вакили Шуҳрат Шукуровни Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъат раиси Михаил Мясниковичга таништирди. "Дунё" АА хабарига асосан.
ЕОИИда Ўзбекистон вакили тайинланди
Учрашув жума куни ЕИК биносида бўлиб ўтди.
"ЕИК ҳайъат раисига Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповдан комиссия таркибига Ўзбекистон Республикасининг вакилини тайинлаш тўғрисида мактуб тақдим этилди", - дейилган хабарда.
Мясникович Шуҳрат Шукуровга янги масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилади.
Бундан ташқари, Шукуров ЕИКнинг интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазьев ва савдо вазири Андрей Слепнев билан таништирилди.
2020 йил 11 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи-давлат мақомини олди.
Куни кеча, Шуҳрат Шукуров Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидаги вакили этиб тайинлангани маълум бўлди. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У Москва иқтисодий-статистика институтини ва Ўзбекистон давлат ва жамият қурилиши академиясидаги Олий бизнес мактабини тугатган. Ўзбекистон иқтисодий мажмуасида 30 йиллик меҳнат тажрибасига эга.