ТОШКЕНТ, 23 фев - Sputnik. Тошкент - Франкфурт - Тошкент мунтазам қатновлари тикланди. Бу ҳақда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" матбуот-хизмати хабар бермоқда.
"Коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссия қарорига биноан, Германияда 14 кун давомида бўлган Германия ва Европа Иттифоқи фуқаролари икки ҳафталик изоляциясиз Ўзбекистонга ташриф буюришлари мумкин", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2021-йил 1-мартдан бошлаб "Uzbekistan Airways" АЖ йўловчилари янги хизмат тури - авиакомпаниянинг қатновларига онлайн рўйхатдан ўтиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин.
Ушбу хизмат аэропортдаги рўйхатдан ўтиш пунктида навбатда турмасликка ва самолёт бортида керакли жойни танлаш имкониятини беради. Энди ҳар ким уйдан чиқмасдан вақтини тежаган ҳолда, авиакомпаниянинг қатновларига рўйхатдан ўтиш хизматидан фойдаланиши мумкин.