Тошкентда "Миллий гвардия ходимиман", деб мақтанган йигитни уриб ўлдиришди

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, марҳум Миллий гвардия ходими эмаслиги, 2-гуруҳ ногирони бўлиб, ҳеч қаерда ишламаслиги маълум бўлади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 фев - Sputnik. Тошкентда ўзини ҳуқуқ-тартибот идораси ходими сифатида таништириб, мақтанган йигитни уриб ўлдиришди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот-хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон ИИВ 2020 йилда хизмат вақтида вафот этган ходимлар сонини очиқлади
Ҳодича 18 февраль куни кечки вақт Яшнобод тумани Катта Қўйлиқ маҳалласида жойлашган кафеларнинг бирида содир бўлган.
23 ёшли Ағзамжон таниши - 28 ёшли Бобомурод билан биргаликда спиртли ичимлик ичиб ўтирганида, гап орасида Бобомурод "Миллий гвардия ва ИИБ ходимиман", деб мақтаниб, танишини шахсиятга тегувчи сўзлар билан ҳақорат қилади.
Шундан сўнг, Ағзамжон "сенлар мени 10 суткага қаматгансизлар", дея Бобомуродни маҳалла ҳудудидаги ер ости йўлагига олиб бориб, у ерда танасининг турли жойларига оёқ ва қўллари билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинади. Натижада Бобомурод олган тан жароҳатларининг оқибатида ҳодиса жойида вафот этади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ағзамжонга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми "Д" банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, марҳум Бобомурод Миллий гвардия ходими эмаслиги, 2-гуруҳ ногирони бўлиб, ҳеч қаерда ишламаслиги, Ағзамжон эса мардикорлик билан шуғулланиб бир неча маротаба маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги туфайли, унга нисбатан 10 сутка қамоқ жазоси қўлланилганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.