ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Мамлакатда 25-27 февралда кутилаётган совуқлар мевали дарахтларнинг ёзилган куртаклари ва гулларига зарар етказади, деб огоҳлантирмоқда Ўзгидромет.
Февраль ойининг иккинчи ўн кунлигида ғайритабиий юқори ҳаво ҳарорати ҳисобига мевали дарахтлар, тут ва токнинг баҳорги вегетацияси ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 2,5-3 ҳафта эрта бошланди.
Таъкидланишича, ўн кунликнинг биринчи ярмида республика ҳудудининг катта қисмида мевали дарахтларда ялпи куртакларини бўртиши ва очилиши бошланди. Ўн кунликнинг охирига келиб, эрта гуллайдиган мевали дарахтларни гуллаши бошланди.
“Республиканинг жанубида эрта гуллайдиган мевали дарахтларнинг гуллаши февраль ойининг биринчи ўн кунлигида бошланиб, иккинчи ўн кунликнинг охирига келиб, гуллаш ялпи бўлди”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ 23 февралдан Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши ҳақида ёзгандик. 25-26 февралда ҳарорат кечалари 7-12° совуқгача, кундуз кунлари 2-7° совуқгача пасаяди. Қорақалпоғистонда ҳарорат кечалари 17-22° совуқгача, кундуз кунлари 10-15° совуқгача пасайиши кутилмоқда.