Ўзбекистон футбол бўйича нуфузли чемпионат мезбонлигини қўлга киритди

Осиё футбол конфедерацияси U23 Осиё кубоги-2022 беллашувларини Ўзбекистон майдонларида бўлиб ўтишига розилик билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Ўзбекистон 2022 йилги U23 Осиё кубоги мезбонлигини қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
ЎФА 2022 йилги U23 Осиё кубоги Ўзбекистонда қабул қилиш бўйича ОФКга сўровнома юборган эди.
Таъкидланишича, ЎФА мутахассислари мазкур чемпионатни мамлакатда ўтказиш бўйича тендер жараёнига доир зарурий ҳужжатларни ОФК вакилларига тақдим этди ва кўплаб музокараларни олиб борган.
“Натижада Осиё футбол конфедерацияси U23 Осиё кубоги-2022 беллашувларини юртимиз яшил майдонларида бўлиб ўтишига розилик билдирди”, - дейилган хабарда.
2013 йилдан буён ташкил этиб келинаётган ушбу мусобақада ҳозирга қадар Ўзбекистон, Жанубий Корея, Япония ва Ироқ U23 терма жамоалари бош совринни қўлга киритган.