Хоразмда фожиа: чойхонада бир оиланинг уч нафар аъзоси газдан заҳарланиб ўлди

Чойхона эгаси, унинг рафиқаси ва уч фарзанди ошхонадаги газ ўчоғидан сизиб чиққан газдан заҳарланган. Эр-хотин ва бир бола вафот этган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги чойхонада уч киши ис газидан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Хабарда ёзилишича, “Ортиқ ота” номли чойхонада унинг эгаси фуқаро К.О., унинг турмуш ўртоғи И.С., ҳамда фарзандлари З.О., О.О., ва Х.О.лар  чойхонанинг ошхонасида жойлашган газ ўчоғидан газ сизиб чиқиши натижасида ис газидан заҳарланган.
Газдан фойдаланиш: бахтсиз ҳодисаларни текшириш тартиби белгиланди
Натижада эр-хотин ва уларнинг фарзанди Х.О. ҳодиса жойида вафот этишган. Қолган икки бола кучли заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бош прокуратура бу борада бефарқ бўлмаслик, хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этишлик ҳақида кўплаб тушунтиришлар, хабарлар ва маълумотлар тарқатилгани ва бу ишлар давом эттирилишини қайд этган. 
“Пандемия шароитида одамлардан барча ҳолатларда ўз турмушига, ҳаёт тарзига эътиборлироқ бўлиши, ўз хавфсизлиги баробарида бошқаларнинг ҳам осойишталигини ўйлаш лозимлиги кўп бора таъкидланиб келиняпти. Ачинарлиси, одамлар ўз бефарқлиги туфайли яқинларининг қурбон бўлишига сабаб бўлмоқда”, - дейилган хабарда.