“Рангсиз тушлар” фильми Марказий Осиё кинофестивалида иштирок этади

Режиссёр Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Рангсиз тушлар” фильмида қамоқдан сўнг озодликка чиққан аёл Кашмиранинг жамиятга мослашишида дуч келган қийинчиликлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. “Ўзбеккино” МА буюртмасига биноан суратга олинган "Рангсиз тушлар” фильми жорий йилнинг 19 март - 3 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Марказий Осиёнинг баҳорги фестивалида иштирок этади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Фестиваль ташкилотчиси  Корея ва Марказий Осиё ҳамкорлик форуми KF котибияти ҳисобланади. Фестивалда Наврўз ҳақидаги қисқа метражли  ҳужжатли фильмларга бағишланган тадбирлар, Марказий Осиё киноҳафталиги, K-pop танлови ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Режиссёр Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Рангсиз тушлар” фильмида қамоқдан сўнг озодликка чиққан аёл Кашмиранинг жамиятга мослашишида дуч келган қийинчиликлари ҳақида ҳикоя қилинади. “Рангсиз тушлар” фильми  Анападаги "Киношок", Қозоннинг мусулмон кинолари фестивали, шунингдек, Арманистондаги "Фреска" ва Италиянинг "Лукания" ва "Asiatica Film Festival XXI", Индонезиянинг XV Jogja-NETPAC Asian Film Festival ( JAFF ) фестивалларида ҳам иштирок этган.