ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин украиналик ҳамкасби Андрей Таранга "Россия тажовузи"га қарши кўмак беришни ваъда қилди, деб хабар бермоқда Пентагон.
Пентагон раҳбари Вашингтон "Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашда давом этаётганини" таъкидлаб ўтди.
"У Украина кучларининг Россия тажовузига қарши янада самарали мудофааси учун АҚШ ўз салоҳиятини оширишга содиқлигини тасдиқлади", - дейилади баёнотда.
Шунингдек, Остин ўз ҳамкасбига мудофаа секторида ислоҳотлар зарурлигини кўрсатиб ўтган.
Таран, ўз навбатида Пентагон раҳбарига кўмак учун миннатдорлик билдирган, деб аниқлик киритади АҚШ мудофаа вазирлиги.
"Вазир Таран АҚШнинг давом этиб келаётган кўмаги учун миннатдорлик билдирган ва Украина мудофаа сектори НАТО тамойиллари ва стандартларига мувофиқ трансформация қилинишига собитлигини қайд этган", - деб қўшимча қилинган Пентагон баёнотида.
Россия Украинага нисбатан агрессияда айбловларни рад этиб, мамлакат Донбассдаги можаро бартараф этилишидан манфаатдорлигини таъкидлаб келмоқда.