ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Америкалик реаллити-шоу юлдузи Ким Кардашьян турмуш ўртоғи хонанда Канье Уэст билан ажрашишга ариза топширди, деб хабар қилди TMZ портали.
Январ ойи бошида ОАВ Кардашьян ва Уэст ажрашишга қарор қилганликлари ва бу масалани қонуний ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар беришди.
Портал маълумотларига кўра, Кардашьян ва Уэст фарзандларини биргаликда тарбиялашга келишиб олган. Бундан ташқари, нашрнинг ёзишича, эр-хотиннинг ҳеч бири тузилган никоҳ шартномасининг бандлари билан баҳслашмоқчи эмас.
Қайд этилишича, эр-хотин мулкий низоларни ҳал қилиш бўйича келишувга эришиш йўлида катта ютуқларга эришган.
Ким Кардашьян ва Канье Уэст 2014 йилда турмуш қуришган. Жуфтликнинг тўрт нафар фарзанди бор. Канье Уэст Кардашьяннинг учинчи турмуш ўртоғи ҳисобланади.