ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. “Нефтчи” — “Турон” учрашувида ҳакамни тепган “Нефтчи” футболчиси Жамшид Тўрақулов озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Фарғона клуби матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Жамшид Тўрақулов билан биргаликда Фарғона клубининг бошқа бир футболчиси Достон Тошматов ҳам 19 февраль, жума куни суд залидан озодликка чиқарилган.
Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоевнинг сўзларига кўра, 15 февраль куни ўтган суд мажлисида Фарғонадаги ўйинни бошқарган ҳакамларнинг ўзлари ҳам иштирок этиб, футболчиларга нисбатан ҳеч қандай адовати йўқлиги, уларнинг озод этилишларига қарши эмасликларини билдирган.
19 февраль куни эрталаб суд мажлиси бўлиб, кечга яқин суд ҳукми эълон қилиниб, футболчилар озодликка чиқарилган. Шунингдек, Мурзоев футболчиларга нисбатан ЎФА тартиб-интизом қўмитаси тайинлаган жазолар ҳали амалдалигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича Ўзбекистон Про Лигасининг 2019/20 йилги мавсуми 20-туридан ўрин олган “Нефтчи” — “Турон” учрашувидан кейин “Нефтчи” футболчилари ва мухлислари ҳакамларга ҳужум қилишганди. ЎФА тартиб-интизом қўмитаси “Нефтчи” клуби футболчиси Тўрақулов учрашув бош ҳакамга қасддан тан жароҳати етказгани учун унга 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш интизом чорасини қўлланганди.