ТОШКЕНТ, 18 фев - Sputnik. Ўзбекистон президенти "2021–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармойишини имзолади, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.
Мазкур Концепция доирасида:
аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси ишлаб чиқилади ва унда ижтимоий ҳимоя соҳасида ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг базавий кафолатлари белгиланади, илғор амалиётларда қабул қилингани каби оналикни ҳимоя қилиш ва вақтинчалик мeҳнaтгa лaёқaтсизлик бўйича нaфaқaлaрини ижтимoий суғуртa тизимигa киритиш ҳамда Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади;
барча кам таъминланган оилаларни ижтимоий нафақалар билан қамраб олиш мақсадида ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштиришга эътибор қаратилади;
давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун берилаётган субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш кўзда тутилади. Давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий хизматларни индивидуал ижтимоий мослашув дастурлари орқали тақдим этиш тизими ишлаб чиқилади.
Мазкур Фармойишга кўра, жорий йилнинг 1 ноябрига қадар вазирликлар ва идоралари, илмий муассасалари, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан 2030 йилгача аҳолини ижтимоий ҳимоя Миллий стратегияси лойиҳаси ҳамда уни амалга оширишнинг уч йиллик режаси ишлаб чиқилади. Стратегияда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича харажатлар ушбу халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ҳисоблаб чиқилади.
Фармойишда кўзда тутилган чора-тадбирлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда аёллар, эркаклар, шу жумладан ёшлар ва ногиронларни тўлиқ, фойдали ва муносиб иш билан таъминлашга ёрдам беради.