Самарқандда хорижликни шантаж қилиб, 20 минг доллар олган аёл ушланди

27 ёшли аёл БАА фуқаросини шахсий видео ҳамда суратларини интернетда тарқатиш билан қўрқитган. Тарқатмаслик учун 20 минг доллар талаб қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Самарқанд вилоятида шахсий видео ва суратларини тарқатмаслик учун чет эллик фуқародан пул талаб қилган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, 16 февраль куни Самарқанд вилояти ИИБга Бирлашган Араб Амирлиги фуқароси ариза билан мурожаат қилган. У Самарқанд шаҳрида яшовчи Ж.З. исмли аёл таниши унинг қўл телефонида бўлган шахсий видео ҳамда суратларини интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, тарқатмаслик эвазига 20 минг доллар сўраётганини айтган.
Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ўтказган тезкор тадбирда 27 ёшли Ж.З. пулларни олаётган вақтда қўлга олинган.
“Россиядаги эрингга юбораман”: оилали аёлни шантаж қилган товламачи жиноят устида ушланди
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодесининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.