Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилди

Россияда патент расмийлаштириш учун талаб этиладиган тиббий кўрик хизматларини Ўзбекистонда ташкил этиш ҳам муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда танлаш ва жалб қилиш бўйича Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасидаги келишувни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар қилмоқда.
Медведев: меҳнат мигрантларини жалб қилишнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш зарур
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учрашувда Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Россия ва Ўзбекистоннинг Меҳнат вазирлиги, ИИВ, ССВ, Қурилиш вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Ишчи гуруҳи йиғилишида Ҳукуматлараро келишувнинг амалга ошириш жараёни, хусусан, пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда Россия иқтисодиётининг турли тармоқларига ишга жалб қилиш, фуқароларни рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича ўқитиш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонликларни Россияда транспорт соҳасига ишга жалб қилиш муҳокама қилинди
Шунингдек, Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент расмийлаштириш учун талаб этиладиган тиббий кўрик хизматларини Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.