ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Жанубий Корея космосни тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси вакиллари Жанубий Корея Аэрокосмик тадқиқотлар институти (KARI) ва “SI Imaging Services” компанияси вакиллари билан учрашган.
Мулоқотда коронавирус пандемияси давом этаётганига қарамасдан, томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этилди. Жумладан, Корея Республикаси Фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги, Жанубий Корея Аэрокосмик тадқиқотлар институти, шунингдек, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари ўртасида бир неча босқичда музокаралар ўтказилган.
Таъкидланишича, яыин кунларда қўшма ишчи гуруҳ мутахассислари ўртасида видеоконференция ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Ўзбекистон космосда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг матнини тасдиқлагани хабар қилинган эди.