Ўзбекистон Туркиянинг бир ҳудудидан помидор ва қалампир импортини тақиқлади

“Bursa Tohumculuk Ziraat ve Tic.A.S.” корхонасидан Ўзбекистонга келтирилган 85 килограмм помидор уруғида ToBRFV вируси аниқланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. 2021 йил 12 февралдан бошлаб Туркиянинг Бурса ҳудудидан Ўзбекистонга помидор ва қалампир уруғликларини олиб келиш вақтинчалик тақиқланди. Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Бунга мазкур ҳудудда жойлашган “Bursa Tohumculuk Ziraat ve Tic.A.S.” корхонасидан Ўзбекистонга келтирилган 85 килограмм помидор уруғида Помидор жигарранг бужмайиш вируси (Tomato brown rugouse fruit virus) аниқлангани сабаб бўлган.
Россельхознадзор Ўзбекистоннинг яна 34 та корхонасидан помидор олиб киришга рухсат берди
Ҳолат бўйича 11 феврал куни маҳсулотларни олиб киришда белгиланган фитосанитария талаблари бузилганлиги тўғрисидаги хабарнома Туркиянинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича миллий ташкилотига юборилган.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар Туркиянинг ваколатли органидан “Ўздавкарантин” инспекциясига жавоб хати келиб тушмаган.
Инспекция импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар экиш материаллари, кўчат ҳамда уруғликларни республика ҳудудига олиб келиш жараёнида Ўсимликлар карантини давлат инспекциясини олдиндан хабардор қилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган.
Бунда, маҳсулот импорт қилингунга қадар экспортёр давлатнинг карантин хизмати билан “Ўздавкарантин” инспекцияси масъуллари боғланиб, маҳсулот ҳақида батафсил маълумот тўпланади.