Оммавий тартибсизликка даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистонда оммавий тартибсизликка даъват қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин.
“Миллий тикланиш” ва “Адолат” партиялари томонидан ишлаб чиқилган Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг ёзишича, Жиноят кодексининг 244-моддасига ўзгартириш киритилмоқда. Ушбу моддада ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка, оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига қўшимча киритилмоқда.
Унда фуқароларни Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг базавий 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Бундан ташқари, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси 1-қисми қўшимча билан тўлдирилмоқда. Унда веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифасида:
  • оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш;
  • жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
  • жамиятга, давлатга, давлат рамзларига (миллий ва умуминсоний қадриятларга) ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
  • порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
  • вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ва бошқа тарзда жалб қилишга йўналтирилган ахборотни тарқатиш;
  • референдум тўғрисидаги ва сайлов ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган чекловларга риоя этмаслик;
  • фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз жойлаштириш;
  • ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифаларининг, шу жумладан тезкор хабарлар алмашиш тизимларининг мониторингини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот ва материалларни аниқлаш мақсадида амалга ошириши тақиқланмоқда.
Ўзига хабар юборилиши учун интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига, шу жумладан тезкор хабарлар алмашиш тизимларига электрон почта манзилини, қонунни бузган ҳолда тарқатилаётган ахборот тўғрисида мурожаатлар юборилиши учун ўз исм-шарифининг бош ҳарфларида, фамилиясини (жисмоний шахс учун) ёки номини (юридик шахс учун) жойлаштириши шартлиги белгиланмоқда.
Қонуннинг 12-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ахборот аниқланган тақдирда, ушбу маълумотлардан фойдаланишни чеклаш чораларини дарҳол кўриши лозим бўлади.
Бундан ташқари, ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-саҳифасида интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимида изоҳ берувчи шахслар турган мамлакатни идентификацияловчи ноёб манзил (IP-манзил) тўғрисидаги маълумотларни акс эттириши шарт эканлиги белгиланмоқда.