Наманганда икки фирибгар фуқароларни Россияга юбориш билан алдамоқчи бўлди

Фирибгарлар фуқароларга даволаниш учун сохта таклифнома асосида Россияга чиқариб юборишни ваъда қилишган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Наманган вилоятида фуқароларни Россияга қалбаки ҳужжатлар орқали юбормоқчи бўлган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати “Sputnik” нашрига маълум қилди.
Аниқланишича, Н.Х. ва А.А.лар пандемия даврида Россияга кириш тақиқланганлигидан фойдаланиб, у ерга кетиш истагида бўлган икки нафар фуқаронинг ишончига кирган.
Ўзбекистонликлар сохта медсправка билан Россияга учиб бориб, аэропортда қолиб кетишди
Уларга даволаниш учун сохта таклифнома асосида Россияга чиқариб юборишни ваъда қилишган. Фирибгарлар 1000 доллар ва 5,2 млн сўмни олиб, қалбаки ҳужжатларни берган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 168 (Фирибгарлик) ва 228-моддалари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозир тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хорижий мамлакатларга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан бегона шахсларнинг қалбаки тиббий маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаб беришда "ёрдамлашиш" борасидаги таклифларига ишонмасликни сўраган эди.