Сирдарёда тадбиркорни қийратган жиноий тўда аъзолари қўлга олинди

Тадбиркорлар ва фуқароларни товламачилик ва қўрқитиш йўли билан “улуш” олаётган тўда аъзолари ушланди. Уларнинг “Местный” ва “Боксёр” лақаби бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Сирдарё вилоятида тадбиркорга зўравонлик қилган жиноий тўда ҳибсга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, 5 февраль куни хусусий тадбиркор Д.М. Сирдарё вилоятида онаси билан ўзининг “Малибу-2” автомашинасида кетаётганида йўлини “Нексия-2” автомашинада бир гуруҳ шахслар тўсади.
Машинадан муқаддам бир неча маротаба судланган А.Э. (тахаллуси Местный) ўзининг 2 нафар ниқобли шериклари билан тушиб, Д.М.нинг бўйнига ўткир тиғли пичоқ тираб, зудлик билан 45 минг доллар беришини талаб қилади.
Агар бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилса, уни онаси гувоҳлигида ўлдириб кетишлари ва ҳеч нарсадан қайтмасликларини айтишади. Унга бир неча кунга муҳлат беришади.
Шундан сўнг А.Э. ўзи сингари муқаддам бир неча марта судланган Р.Б. (тахаллуси Боксёр) билан бирга жабрланувчи Д.М.нинг уйига бориб, талаб қилинган пуллардан 17 минг долларни зудлик билан топиб беришни ёки ҳозирда жазони ўтаётган танишларини чиқартиришни ёхуд гиёҳванд моддалари билан қамоққа олинган қариндошини ҳар қандай йўллар билан бўлса-да, жиноий жавобгарликдан озод қилишни талаб қилишади. Бўлмаса ўлдириш билан таҳдид қилишади.
Ҳолат юзасидан ИИВ, ДХХ, Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда ДХХ Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари тадбир ўтказган. Унда фуқаролар А.Э. ва Р.Б. жабрланувчи Д.М.дан товламачилик йўли билан талаб қилинган пуллардан бир қисми, яъни 10 минг долларни (кимёвий ишлов берилган) олган вақтида далиллар билан қўлга олинган.
Таъкидланишича, хусусий тадбиркор Д.М. – Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатувчи бир неча хусусий клиника, аптека, иссиқхона, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, тижорат дўконлари ва бошқа тармоқ савдо мажмуаларини ўз ичига олган МЧЖ раҳбаридир.
Ҳозир Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатган. Гумонланувчилар қамоққа олинган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.