Мутахассисларнинг хорижда таълим олишини ташкил этиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади

Президент фармони билан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг қўшимча вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг қўшимча вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.
Шунга кўра, мутахассисларни излаб топиш, танлаш ва уларнинг хорижда таълим олишини ташкил этиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади.
Бунда:
  • очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари Жамғарманинг асосий таълим дастурлари ҳисобланади;
  • Жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодларни саралаш танлови мунтазам равишда ва Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар очиқ тарзда амалга оширилади;
  • Жамғарма томонидан вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг тўғридан-тўғри буюртмалари асосида истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича стажировкадан ўтиш дастурлари ташкил этилади.
Жамғарма таълим дастурлари бўйича номзодларнинг очиқ саралаш танлови қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
- давлат ва жамият бошқаруви;
- қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳаси;
- таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳа тармоқлари;
- иқтисодиёт соҳалари ва тармоқлари.
Жамғарма 2021 йилда очиқ стипендия танловлари асосида ёшларнинг нуфузли хорижий мамлакатларда бакалавриат дастури бўйича таълим олиши учун 100 та ўрин, магистратура ва докторантурада ўқиш учун аввалги йилларга нисбатан ўртача 5 баробар кўп ўрин ажратади.