Кўп қаватли уйлар ўртасидаги қурилишлар тўхтатилсин: Бозоров яна қандай топшириқлар берди

Фарғона шаҳрининг Дўстлик ҳамда Гулзор маҳаллаларида янги қурилаётган бинолар аҳоли яшаши учун ноқулайликлар туғдирмоқда, болаларнинг очиқ ҳавода ўйнашига, катталар ва кексаларнинг эса сайр қилишига имконият қолмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида барча қурилишлар тўхтатилади. Болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров шаҳардаги Дўстлик ҳамда Гулзор маҳаллаларида аҳоли яшаш шароитларини ўрганиш давомида тегишли топшириқлар берди.
Ҳудудда яшовчи аҳоли вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида янги қурилаётган бинолар сабабли маҳаллада аҳоли яшаши учун ноқулайликлар туғдираётганини, болалар учун очиқ ҳавода ўйнашга, катталар ва кексалар учун сайр қилишга имконият қолмаганини билдиришди.
Вилоят ҳокими биргаликда ўрганиш олиб бораётган шаҳар ҳокими ва прокурорига бугундан эътиборан Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берди.
Пойдевор учун қазилган котлованлар барчаси кўмиб ташланади, қурилиши якунлашиш босқичида бўлган иншоотларнинг ҳар бирининг қонунийлиги бўйича шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб боради.
Навбат Фарғона вилоятига: президент ташрифидан сўнг тўртта туман ҳокими ўзгарди
Шунингдек, барча ҳудудларда бузиб ташланган болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади, қурилиш эгалари кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан манзарали дарахт экиши таъминланади. Тўхтатилган қурилишлар ўрнига тадбиркорларга бино қуриш учун бошқа жойдан ер майдони таклиф этилади.
Хайрулло Бозоров ўрганиш жараёнида ҳудуддаги турар-жойлар атрофида ободонлаштириш ишларининг умуман йўлга қўйилмагани, биноларга бириккан ҳолда вақтинчалик қўшимча иншоотлар қуриб ташланганини танқид қилди. Атрофда сочилиб ётган чиқиндилар ҳам ҳокимнинг эътиборидан четда қолмади.
Бозоров шаҳар маҳаллаларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича алоҳида манзилли дастур ишлаб чиқиш юзасидан шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаевга топшириқ берди.
Бундан ташқари, Мотуридий кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи катта ариқ устида иншо этилган объектлар олиб ташлаш, сув қирғоғи бўйлаб велосипед миниш ҳамда сайр қилиш учун экойўлак ташкил этиладиган бўлди.