Бухоро шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган Ўткир Жумаев Бухоро шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Ўткир Жумаев Бухоро шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида Бухоро вилоят ҳокимининг 2021 йил 12 февралдаги тегишли қарорига асосан Бухоро шаҳар ҳокими лавозимига Ўткир Ҳикматович Жумаевни тасдиқлаш масаласи овозга қўйилди. Номзод депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқлади.
Бухоро вилоятига ҳоким тасдиқланди
Ўткир Жумаев 1975 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Маълумоти олий. 1997 йил Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини, 2011 йил Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган.
Жумаев меҳнат фаолиятини 1997 йилда «Бухоросувқурилиш» акционерлик жамиятининг 37-сон кўчма механизациялашган колоннаси ишлаб чиқариш бўлими муҳандислигидан бошлаган.
2009-2010 йилларда «Бухороавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси директори, 2011-2012 йилларда «Бухороавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат ташкилоти директори, 2012-2015 йилларда «КНАУФ ГИПС БУХОРО» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона ўқув маркази бошлиғи, 2015-2019 йилларда «КНАУФ ГИПС БУХОРО» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона директорининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.
У 2020 йил март ойида Бухоро шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.