ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. АҚШ Сенати собиқ президент Дональд Трампни импичмент иши бўйича оқлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
Импичментни ёқлаб сенаторларнинг 57 нафари овоз берган, 43 сенатор эса қарши чиққан. Импичментни тасдиқлаш учун 100 нафар сенаторларнинг камида 67 нафари ёқлаб овоз бериши керак эди. Шу тариқа, Трамп исёнга давъат этиш айбови бўйича оқланди.
2021 йил 6 январь куни Дональд Трамп Оқ уй яқинидаги митингда тарафдорларини "заиф республикачиларга" сайлов якунларига эътироз билдиришда ёрдам бериш учун Капитолийга боришга чақирди. Намойишчилар тўдаси Капитолийни қамал қилиб, унинг ичига бостириб кирди. Жо Байденнинг президент сайловларидаги ғалабаси тасдиқланиши керак бўлган Конгресснинг қўшма сессиясини тўхтатиб қўйди. Бу Вакиллар палатасининг унга импичмент эълон қилишига сабаб бўлди, кейин иш Сенатга йўналтирилди.
Дональд Трамп АҚШ тарихида Вакиллар палатасида икки марта импичмент олган, лекин икки марта ҳам сенаторлар томонидан оқланган ягона президент бўлди.
2020 йил феврал ойида АҚШ Сенати президент Дональд Трампга эълон қилинган биринчи импичментни бекор қилган эди. Ўшанда у ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва Конгрессга тўсқинлик қилишда айбланганди.