Вазифаларни бажармаганлар ишдан олинади: Мирзиёев амалдорларни қаттиқ огоҳлантирди

Президентнинг сўзларига кўра, одамлар қоғозбозликдан чарчаган. Банк раҳбарлари мудраб ўтирибди, вазирлар ўзларининг вертикал тизимида ишларни ташкил қила олмаяпти.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар бажармаган давлат органлари раҳбарларини ишдан олиш билан огоҳлантирди. Бу ҳақда президент “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Мирзиёев: камроқ гапиринг, баландпарвоз гаплар менга ёқмайди
“Асосий мақсадимиз, мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш орқали халқ фаровонлигини таъминлашдан иборат”,  - деди президент.
Мирзиёев Фарғонага вилоятига ташриф давомида вилоятнинг ўсиш нуқталари белгилангани, лекин шу билан бирга жуда катта муаммолар борлигини таъкидлади.
Навбат Фарғона вилоятига: президент ташрифидан сўнг тўртта туман ҳокими ўзгарди
“Мана битта тайёргарлик кўрмаган жойга борган эдик, қанча-қанча нуқсонлар, муаммолар. Бу шаҳарнинг ҳокими нима билан шуғулланади, шунча селекторларда айтган (гаплар - таҳр.) нимага кетяпти. Қани сектор раҳбарларининг иши деган савол ҳаммамизни қийнаши керак”,  -деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари Фарғона шаҳрининг тўртта сектор раҳбарини ишдан олиб ташлаганининг сабаби улар ҳозирги сиёсатни тушунмасликлари ва унга хайрихоҳ эмасликларини айтди.
"Қарор чиқди, ҳаммасини бажарса бўлади, лекин бизда энг катта камчилик назорат тизими йўқ. Вилоят, шаҳар ҳокимлари ўзини қийнамайди.... мартдан ҳар ойда 10-20 фоиз бандни бажармаганда, ҳаммани ишдан олиб ташлайверамиз", - деди президент
Мирзиёев бу давлат органларининг барча даражадаги раҳбарларига тааллуқли эканини урғулади. Унинг сўзларига кўра, одамлар қоғозбозликдан чарчаган. Банк раҳбарлари мудраб ўтирибди, вазирлар ўзларининг вертикал тизимида ишларни ташкил қила олмаяпти.
“Раҳбар кўп, масъуллар кўп, лекин одамларнинг дарди билан шуғулланадиган одам йўқ десак бу ҳам тўғри бўлади”, - деди Мирзиёев.
Президент Давлат дастур лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 2 мингдан зиёд таклифлар, фикр-мулоҳазалар олингани, улар асосида қайта ишланиб, янада бойитилганини эслатди.
Бир йиллик маошини қайтарсин - президент Когон туман раҳбарларини ишдан олди
Ушбу такомиллашган Давлат дастури президентнинг жорий йил 3 февралдаги фармонига мувофиқ қабул қилинди. Унда 273 та банд бор. Бу чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион доллар ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.