Шавкат Мирзиёев аҳолини COVID-19 га қарши эмлашни бошлаш бўйича топшириқ берди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, электрон рўйхатини шакллантириш вазифаси топширилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмлаш - энг долзарб маълумот
“Соғлиқни сақлаш вазирлигига биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, электрон рўйхатини шакллантириш, оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктларидаги 3 мингдан зиёд эмлаш бўлимлари ва қўшимча 800 та мобил бригада ташкил этиш вазифаси қўйилди”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов 2021 йил якунига қадар аҳолининг 20 фоизи коронавирусга қарши эмланиши режалаштирилганини маълум қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, март ойида коронавирусга қарши вакцина келтирилади. Бунда биринчи навбатда 85 ёшдан ошганлар, ундан кейин 75 ёшдан 84 ёшгача бўлганлар, кейинги босқичда эса 65 ёшдан 75 ёшгача бўлганлар эмланади.