ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Россия дунёда коронавирусга қарши вакциналар яратишда етакчи ўринларни эгаллайди, бу йирик илмий ютуқ. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди.
“Олимларимиз шарофати билан Россия дунёда коронавирусга қарши вакцина яратишда етакчи поғоналарни эгаллайди”, - деди Путин Илм-фан ва таълим кенгаши йиғилишида. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
У Россия ўзи яратган учта вакцинага эга ягона давлат эканини қайд этди.
“Ҳеч қандай шубҳасиз, бу йирик илмий ютуқ”, - дея қўшимча қилди Россия етакчиси.
Россияда коронавирусга қарши иккита вакцина рўйхатга олинган. Бу Гамалея марказининг “Спутник V” ва “Вектор” марказининг “ЭпиВакКорона” вакцинаси. Яқин кунларда Чумаков номидаги Илмий марказ вакцинаси ҳам рўйхатга олиниши кутилмоқда.
Обрўли ва етакчи тиббиёт журнал ҳисобланган “The Lancet” бир неча кун аввал "Спутник V" учинчи босқич тадқиқотлари натижаларини эълон қилди. Препарат юқори самарадорлик, иммуногенлик, хавфсизлик натижадорликни намойиш этди.