“Nukus City” қурилишида қарийб 250 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинди

“Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси ҳамда “Гранит Монтаж Строй” МЧЖ мансабдорлари 246,1 миллион сўмни ўмарган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. “Nukus City” қурилишида 246 миллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.
Ангренда ободонлаштиришга ажратилган 638,3 млн сўм талон-тарож қилинди
Маълум қилинишича, “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси ҳамда “Гранит Монтаж Строй” МЧЖ ўртасида 2020 йилнинг 18 сентябрида 3,5 миллиард сўмлик шартнома тузилган.
Ушбу маблағлар Нукус шаҳри, А.Шамуратова кўчаси автомобиль йўлининг асфальт қопламасини қайта тиклаш ва “Nukus City” марказидаги кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқларини таъмирлаш ишларини амалга оширишга сарфланиши лозим бўлган.
Шартномага асосан “Гранит Монтаж Строй” 236,5 миллион сўмга асфальт қопламасини тиклаши, 9,6 миллион сўмга сув тармоқларини таъмирлаши керак бўлган. Аммо бу ишлар тўлиқ бажарилмасдан, бажарилганлиги ҳақида ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилган. Натижада жами 246,1 миллион сўм маблағ талон-торож қилинган.
Ҳолат юзасидан “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамда “Гранит Монтаж Строй” мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.